Ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш йўлида

    Ўзбек ва тожиклар азал-азалдан дўст ва қон-қариндош халқлардир. Маданияти, урф-одатлари яқин, битта динга эътиқод қилувчи бу халқларни бир-биридан ажратиш мумкин эмас. Бу яқинлик бугун давлатларимиз ўртасидаги муносабатларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Икки давлат Президентларининг узоқни кўзлаб юритаётган одилона ва оқилона сиёсати натижасида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида барча соҳаларда ўзаро яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

   Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси 20 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги “Ойбек” чегара постида Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раҳбарияти, Ўзбекистон металлургия комбинати касаба уюшма қўмитаси ходимлари томонидан тантанали равишда кутиб олинди. Шундан сўнг делегация аъзолари “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖга ташриф буюриб, мазкур корхонада ходимлар учун яратилган ижтимоий ва маиший шароитлар, иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида имзоланган Жамоа шартномасига мувофиқ меҳнаткашлар учун яратиб берилаётган имтиёз ва кафолотлар билан танишдилар. Айниқса, “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ ишлаб чиқариш участкалари ва цехлари, ижтимоий объектлари фаолияти билан танишув жараёнида ходимларга яратилган муносиб меҳнат шароитлари қўшни давлат касаба уюшмалари вакиллари томонидан алоҳида эътироф этилди.

    Ташриф доирасида ташкил этилган «Ўзбекистон ва Тожикистон касаба уюшмалари ўртасида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат муҳофазаси, маданий ва оммавий ишлар, соғломлаштириш ва дам олишни ташкил қилиш, ташкилотларнинг ташкилий ва молиявий барқарорлигини таъминлаш масалаларида тажриба алмашиш» мавзусидаги халқаро семинарда  Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси аъзолари билан бир қаторда Халқаро меҳнат ташкилоти Меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (ACTRAV)нинг Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Сергеюс Гловацкас, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, Тошкент шаҳри ва вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари мутасаддилари, бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари иштирок этдилар.

   Халқаро анжуманда Тожикистон мустақил касаба уюшмаари Федерацияси делегациясининг Ўзбекистонга мазкур ташрифи илк бора амалга оширилаётгани, бу бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббусига кўра қўшни давлатлар билан ўзаро дўстона ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг-қамровли саъй-ҳаракатлар самараси эканлиги алоҳида таъкидланди.

  Халқаро семинар давомида меҳмонлар Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати ходимлари касаба уюшмаси фаолиятидаги инновацион ёндошувлар ҳамда “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ ходимлари учун муносиб меҳнат шароитларини яратишда маъмурият ва касаба уюшма қўмитасининг ижтимоий шериклик асосидаги фаолияти билан таништирилиб, бу борада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, тармоқ касаба уюшмалари, касаба уюшма ташкилотларининг ҳудудий бирлашмалари, Бекобод шаҳридаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари вакиллари билан органайзинг бўйича тажриба алмашилиб, иштирокчилар ўртасида мавзу юзасидан қизғин фикр алмашув ва мунозаралар бўлиб ўтди.

Print Friendly, PDF & Email