Ўзбекистон делегацияси Челябинск вилоятидаги халқаро ёшлар форумида иштирок этди.

2026 йил 6–9 август кунлари Ўзбекистон Республикаси металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши делегацияси Россия Федерациясининг Челябинск вилоятидаги Тургояк кўли бўйида ўтказилган «Ўтмишдан фахрланамиз – келажакни яратамиз. Янги импульс!» мавзусидаги халқаро ёшлар форумида иштирок этди.
Мазкур халқаро тадбирда Россия, Беларусь ва Ўзбекистон давлатларидан 60 нафардан ортиқ касаба уюшмаси етакчилари ва ёш фаоллар иштирок этди.
Форумнинг тантанали очилиш маросимида Россия АСМ касаба уюшмаси раиси Андрей Александрович Фефелов иштирокчиларни самимий қутлаб, форум ишига муваффақият тилади.
Тадбир доирасида ёш касаба уюшма фаолларининг касбий ва ижтимоий соҳадаги билимларини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, янги ташаббусларни муҳокама қилиш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган мулоқотлар ташкил этилди.
Форумнинг асосий мақсади ёшларда ватанпарварлик, юртга садоқат, ҳалоллик ва мардлик каби юксак фазилатларни мустаҳкамлаш, уларни жамоатчилик ишларида фаол иштирок этишга рағбатлантиришдан иборат бўлди.
Бундай халқаро тадбирларда иштирок этиш ёш касаба уюшма фаолларининг дунёқарашини кенгайтириш, хорижий ҳамкасблар билан тажриба алмашиш ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Print Friendly, PDF & Email