Мамлакатимиздаги иқтисодий жиҳатдан салоҳияти ҳамда нуфузига кўра етакчи корхоналардан бири ҳисобланмиш «Жиззах аккумулятор заводи» акциядорлик жамиятида «Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат соҳаси истиқболларига оид юз йиллик ташаббусини амалга оширишда касаба уюшмаларининг вазифалари» мавзуида минтақавий семинар бўлиб ўтди.
Унда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясидан экспертлар, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши, Тошкент, Сирдарё, Жиззах ҳамда Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаларидан вакиллар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Минтақавий семинарни Жиззах вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси Нусратулла Пардаев кириш сўзи билан очиб, ишчи-ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб иш шароитлари яратиш, меҳнатни муҳофаза қилиш борасида касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар хусусида маълумот берди.
Халқаро меҳнат ташкилоти бош директорининг махсус маслаҳатчиси Кари Тапиола ўз чиқишида ХМТнинг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенциялари меъёр ва талаблари, корхона ва ташкилотлар ҳамда тадбиркорлик субъектларида иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат қонунчилиги ижросини таъминлаш, бу жараёнда касаба уюшмаларининг фаоллигини янада кучайтириш, ХМТнинг меҳнат соҳаси истиқболларига оид юз йиллик ташаббуси тўғрисидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
Бундан ташқари, тадбирда Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг Бутуневропа минтақавий кенгаши маслаҳатчиси Года Невераускайте, ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича Бюроси бош мутахассиси Гоча Александрия Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг навбатдаги конгрессида муҳокамага қўйиладиган масалалар, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) конвенциялари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенциялар, фуқароларнинг меҳнат ва бандлик соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлаш хусусида сўз юритишди.
«Жиззах аккумулятор заводи» акциядорлик жамияти Бош директори Талъат Усмонов ҳамда корхона касаба уюшма қўмитаси раиси Улуғбек Ўрозбоевнинг ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар, касаба уюшмасининг фаолияти ҳақидаги маълумоти ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар корхонанинг ижтимоий объектлари ва ишлаб чиқариш участкалари билан яқиндан танишди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: