Амалиётда иш берувчилар ва ходимлар ўртасида “Жамоа шартномаси тузиш мажбурийми?” деган савол тез-тез берилади. Айрим ҳолларда меҳнат инспекторлари жамоа шартномаси мавжуд эмаслиги учун иш берувчиларга нисбатан жарима қўлламоқда. Бироқ бу амалиёт доимо ҳам қонуний асосга эга эмас. Шу боис масалага амалдаги Меҳнат кодекси нормалари асосида ҳуқуқий таҳлил йўли билан ёндошиш мақсадга мувофиқ.
⚖️ Норматив асос
Меҳнат кодексининг 25-моддасига мувофиқ, иш берувчи ушбу Кодексда белгиланган тартибда жамоа музокараларини олиб бориши ва жамоа шартномасини тузиши шарт.
Бироқ бу норма иш берувчи ҳар қандай ҳолатда шартнома тузиши кераклигини англатмайди. “Ушбу Кодексда белгиланган тартибда” деган қўшимча муҳим аҳамиятга эга бўлиб, жамоа шартномасини тузиш ташаббуси мавжуд бўлгандагина мазкур мажбурият юзага келади.
🗂 Жамоа музокараларини бошлаш тартиби:
➡️МКнинг 61-моддасида белгиланишича, жамоавий музокаралар бошланиши тўғрисида билдиришнома олган ижтимоий шериклик тарафи 7 кунлик муддатда ташаббускорга жамоавий музокаралар ўтказилиши ҳақида жавоб юбориб, музокараларга киришиши шарт;
➡️МК 66-моддага кўра эса, жамоа шартномасини тузиш зарурлиги ҳақидаги қарор ва музокаралар бошлаш ҳақидаги таклиф ҳар қайси тараф томонидан берилиши мумкин.
⚠️Демак, агар тарафлардан бири ташаббус кўрсатмаса, жамоа шартномаси тузиш мажбурияти ҳам вужудга келмайди.
📚 Қонун нормалари таҳлили
МКнинг бир қатор моддалари — 145, 188, 209, 323, 330, 353, 407, 481 ва 547-моддаларда “агар у тузилмаган бўлса” деган ифода қўлланилган.
Бу норма жамоа шартномаси ҳар бир ташкилотда мажбурий эмаслигини, балки унинг мавжудлиги ихтиёрий эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.
⚖️Амалий хулоса. Агар иш берувчи ёки ходимлар томонидан жамоа шартномаси тузиш ташаббуси билдирилмаган бўлса, шартнома тузилмаганлиги учун иш берувчини жаримага тортиш ёки ҳуқуқбузар деб топиш асоссиз ҳисобланади. Бироқ жамоа шартномасини тузиш ҳам иш берувчи, ҳам ходимлар учун фойдали, чунки у:
➖меҳнат ҳақини белгилашнинг қўшимча тартибларини;
➖моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ёрдам механизмларини;
➖меҳнат муҳофазаси ва интизом чораларини аниқ тартибга солиш имконини беради.
🟩 Хулоса
📌 Жамоа шартномаси тузиш — мажбурий эмас, лекин ташаббус бўлса, музокара ўтказиш мажбурий.
📌 Жамоа шартномаси мавжуд эмаслиги учун жарима қўллаш — қонунга зид.
📌 Шу билан бирга, жамоа шартномаси меҳнат муносабатларини аниқ, шаффоф ва барқарор қилишнинг самарали ҳуқуқий воситаси ҳисобланади.

Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: