Самарқанд вилоятида VII тармоқ спартакиадасининг ҳудудий босқичи ўтказилди.

Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг “VII тармоқ спартакиадаси” доирасида ташкил этилган спорт мусобақаларининг Самарқанд вилояти босқичи 8 август куни ўтказилди.
Мусобақалар ишчи-ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортга қизиқишни ошириш, шунингдек, меҳнат жамоалари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.
Спартакиаданинг очилиш маросимида Самарқанд ва Жиззах вилоятлари Кенгаши раиси О. Мирзаев ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти Кенгаши мутахассиси Б. Тўрабов иштирок этиб, мусобақа қатнашчиларини қутладилар ва уларга омад ва муваффақият тиладилар.
Қизғин ва муросасиз кечган спорт баҳсларида тармоқ корхоналари жамоалари ғолиблик учун муносиб рақобат олиб бордилар.
Мусобақалар якунига кўра, умумжамоа ҳисобида:
🥉 3-ўрин — “Uz Track and Bus Motors” заводи жамоаси;
🥈 2-ўрин — “Uz Avto Trailer” заводи жамоаси;
🥇 1-ўрин — “Самарқанд автомобиль заводи” ХК жамоаси.
Шу тариқа, “Самарқанд автомобиль заводи” ХК жамоаси Самарқанд вилояти босқичида ғолибликни қўлга киритиб, VII тармоқ спартакиадасининг республика босқичида иштирок этиш учун йўлланма олди.
Мусобақалар якунида ғолиб ва совриндорлар Самарқанд ва Жиззах вилоятлари Кенгаши томонидан эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
VII тармоқ спартакиадаси доирасидаги бундай спорт тадбирлари ишчи-ходимларни оммавий спортга кенг жалб этиш, уларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жамоалар ўртасида ҳамжиҳатликни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Print Friendly, PDF & Email