Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан касаба уюшмалари ходимларидан бир гуруҳи тақдирландилар

Давлатимиз Мустақиллигининг 25 йиллигини кенг нишонлаш муносабати билан ҳамда мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, давлатимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, демократик ислоҳотларни амалга ошириш, жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро дўстлик ва тотувликни, тинчлик ва барқарорликни асраш, миллий маданиятимиз ва санъатимизни ривожлантириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларимизни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимизни тақдирлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони таъсис этиш тўғрисидаги Фармони қабул қилинган эди.

Жорий йилнинг 29 август куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация Кенгашининг мажлислар залида истиқлолимизнинг 25 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ ходимларни тақдирлашга  бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирни Федерация Кенгаши раиси Танзила Камаловна Нарбаева очиб берди ҳамда тадбир иштирокчиларини энг буюк ва қадрли байрамимиз бўлган Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан табриклаб, касаба уюшмаларининг бир гуруҳ ходимларига, шу жумладан Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг ҳудуд бўйича масъул ташкилотчиси Шоикром Шоумарович Исроиловга “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишонини тантанали топширди.

Республика Кенгаши аппарати ходимлари барча тақдирланганларни мазкур юксак мукофот билан чин дилдан муборакбод этиб, уларнинг хонадонларига тинчлик осойишталик ва келгуси ишларида зафарлар тилайди.

 

Республика Кенгаши жамоаси

 

 

Print Friendly, PDF & Email