Касаба уюшмалари қандай ташкилот….?

Мамлакатимизда ҳуқуқий ислоҳотлар шиддат билан амалга оширилаётганлигини сўнги йилларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга инсон ва унинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун моҳиятидан ҳам кўришимиз мумкин. Зеро, қонунлар жамият ҳаёти ва демократик тараққиёт негизидир. Қонунлар, аввало, жамият ҳаётининг асосини яратиб, давлат ва халқ манфаатларига хизмат қилади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги ва бошқа Қонун ҳужжатларига таянган ҳолда Ўзбекистоннинг барча ҳудудида ўз фаолиятини амалга оширади.

Касаба уюшмалари фуқаролик ҳуқуқий муносабатнинг субъекти сифатида ўзига хос тамойилларга эга. Бу тамойилларнинг асосийси – касаба уюшмасини ташкил этиш эркинлигидир. Чунончи, Ўзбекистон Конституциясининг 59-моддасида “Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар. Касаба ташкилотларига аъзо бўлиш ихтиёрийдир”, деб белгиланган.

Аксарият инсонлар билан касаба уюшмалари тўғрисида суҳбатлашиб, “Касаба уюшмалари – курорт, санаторий ва оромгоҳларга йўлланма (путёвка)лар берадиган ташкилотми?” – деган саволга кўпроқ дуч келамиз. Аслида ҳам касаба уюшмалари шундай ташкилотми?. Нима учун кишилар онгида бу каби тушунча кенгроқ шаклланиб қолган?.

Ҳар бир инсон улғайиб, вояга етар экан, у аввало оила бағрида, жамиятга даҳлдор ҳолда тарибияланади ва хаёт саҳнасидаги жараёнлар инсон хотирасида қисқа-қисқа вокеалар сифатида сақланиб қолади.

Ушбу ҳолатнинг юз беришида аввало инсоннинг энг азиз ва меҳрибон кишилари бўлган ота-оналари таъсир этади. Айниқса, она-онанинг фарзанд тарбияси йўлидаги эътибори ва сайъ-ҳаракатлари унинг онгида ўчмас из қолдиради.

Биринчидан – бирор бир корхона, ташкилот ва муассаса ходими – бошланғич касаба уюшмаси аъзоси ўз фарзандига ёзги болалар соғломлаштириш оромгоҳларига ёки оиласининг бошқа аъзолари учун санаторий ёҳуд курортлардан бирига йўлланмалар олган ҳолларда бу ҳусусида оила аъзолари, баъзи ҳолларда эса қўни-қўшнилари ўртасида ҳам қизғин мулоқот олиб бориши табиийдир.

Гарчи бу жараён атрофдагилар учун алоҳида эътиборли бўлмаса-да, уларнинг ҳам оиласида турмуш ўртоғи ва фарзандлари ўртасида мунозарага сабаб бўлади натижада киши хотирасида сақланиб қолади.

Иккинчидан – ёшлар улғайиб, муайян мутахассисликни эгаллаб, шахс сифатида бирор корхона, ташкилот ёки муассасада ўз меҳнат фаолиятини олиб борар экан ушбу босқичда жамоадошларидан кимдир корхона касаба уюшмасидан ўз саломатлигини тиклаш ёки фарзандининг ёзги таътил даврини мазмунли ўтказиши учун болалар соғломлаштириш оромгоҳига йўлланмаларни олганлигини эшитиб, ўзининг болалик даврини эсага олади киши ва ўзининг яқин ўтмишини ҳотирлаб, келгусида манашундай вазиятдан ўзининг манафаатлари йўлида унумли фойдаланишга харакат қилади.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар натижасида кишилар онгида касаба уюшмалари фақатгина курорт, санаторий ва оромгоҳларга йўлланма (путёвка)лар берадиган ташкилот сифатида гавдаланаверади. Аслида касаба уюшмалари фаолиятида бундай ишлар кўлами кенг бўлиб, санаторий ва болалар соғломлаштириш оромгоҳларига йўлланмалар ажратиш ушбу ишларнинг бир йўналишидир.

Жумладан, иш берувчи учун корхонада касаба уюшмаси ташкилоти тузилиши ва фаолият юритишининг афзалликлари қуйидагича:

корхонада ходимларга берилаётган турли имтиёз ва кафолатлар касаба уюшмаси ташкилоти ва иш берувчи ўртасида имзоланадиган жамоа шартномаси орқали тартибга солинади;

иш берувчи корхонадаги касаба уюшмаси ташкилоти орқали ходимларнинг муаммоларини аниқлаб, уларни биргаликда бартараф этиш имкониятига эга бўлади;

касаба уюшмаси ташкилотининг юридик хизмати ходими корхонада меҳнат соҳасидаги қонун ҳужжатларига аниқ ва оғишмай амал қилиниши, меҳнат муносабатларига оид қонун ҳужжатларининг самарали қўлланилиши ҳамда кадрларга оид корхонада юритилаётган ва қабул қилинаётган ҳужжатларнинг тўғри расмийлаштирилиши юзасидан бепул ҳуқуқий-амалий ёрдамлар кўрсатади;

меҳнат, хўжалик, оила ва фуқаролик қонунчилиги бўйича қонун ҳужжатларига таянган ҳолда бепул ҳуқуқий маслаҳатлар, хулосалар, йўлланмалар беради;

иш жойида меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш борасида касаба уюшмасининг меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати яқиндан ёрдам кўрсатади;

корхонадаги меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқчи касаба уюшмаларида ташкил этиладиган ўқувларда ўз малакасини ошириб боради;

касаба уюшмалари тизимида ташкил этиладиган турли танлов, акция ва форумларда фаол қатнашиш орқали Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жорий этиладиган турли имтиёзларга, совринларга эга бўлиш ҳуқуқини қўлга киритади;

корхонадаги бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг ташаббуси ва маблағлари ҳисобига байрамлар, маънавий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш тадбирларининг ўтказилишига имконият яратади ва шу орқали жамоада доимий соғлом муҳит барқарорлигини таъминлашга эришади;

ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини республиканинг турли тарихий шаҳарларига имтиёзли равишда саёҳатга олиб бориш имконияти яратилади, бу эса ўз ўрнида ходимларда кўтаринки кайфиятни таъминлайди;

янги ташкил этилаётган корхона, ташкилот ва муассасалар фаолиятини йўлга қўйишда, зарур ҳужжатларни расмийлаштиришда ва заруратга қараб ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда касаба уюшмасининг бепул ташкилий-ҳуқуқий ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади;

иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат муносабатларига оид келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган келишмовчиликларни судга қадар бартараф этиш ёки уни олдини олишга эришади;

касаба уюшмаси юридик хизмати ходимлари ёрдамида корхонада фаолият юритаётган ишчи-ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш мақсадида миллий ва халқаро меҳнат стандартларига оид қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган халқаро конвенциялар бўйича ҳуқуқий тарғибот ва ташвиқот ишлари ташкил этилади;

одимлар иш ҳақининг 1 фоизи миқдоридаги касаба уюшмасига аъзолик бадалларининг 60 ёки 70 фоизи корхонадаги касаба уюшмаси ташкилоти ихтиёрида қолдирилади ва ушбу маблағ ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш (жумладан, моддий ёрдам), режали тадбирлар ўтказиш, имтиёзли равишда йўлланмалар олиш каби мақсадларга йўналтирилади.

Буларнинг барчаси корхонада ишчи-ходимларнинг кайфияти ва иш унумининг самарали ўсишига хизмат қилади. Қолаверса, корхонада касаба уюшмасининг ва жамоа шартномасининг мавжудлиги иш берувчининг ўз меҳнат фаолиятини қонуний ва адолатли олиб бориши учун кўмак вазифасини ўтайди.

Ходимлар учун корхонада касаба уюшмаси ташкилотининг мавжудлиги ва унга аъзо бўлишнинг афзалликлари қуйидагича:

касаба уюшмасининг энг муҳим афзаллиги – агар ходим касаба уюшмасига аъзо бўлса, муаммоларни якка ўзи эмас, балки жамоа ёрдамида ҳал қилиш имкониятига эга бўлади;

ходимлар ўзлари ишониб сайлаган касаба уюшмаси қўмитаси (раиси) орқали корхонанинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этади;

касаба уюшмаси ташкилоти ҳамда иш берувчи ўртасида имзоланадиган жамоа шартномасига ишчи-ходимлар ўзларининг таклифларини беришлари, ушбу жараёнда бевосита иштирок этишлари, имзоланган жамоа шартномаси орқали қўшимча имтиёз ва кафолатлар олиш ҳуқуқидан фойдаланишлари мумкин;

корхонада меҳнатга яраша ва муносиб ҳақ белгиланганлиги, ходимларга белгиланган меҳнат ҳақининг миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам миқдордан оз бўлмаслиги, иш ҳақининг ўз вақтида ва тўлиқ тўлаб борилиши каби муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича касаба уюшмаси ташкилоти ўзининг доимий жамоатчилик назоратини амалга ошириб боради, бу жараёнда ходимлар ҳам бевосита иштирок этиш имкониятига эга бўлади;

ходимларга меҳнат муносабатларига оид масалалар (жумладан, иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат муносабатлари), меҳнат таътилларининг ўз вақтида ва тўлиқ берилиши ва шу каби бошқа масалалар бўйича касаба уюшмасининг юридик хизмати ходимлари бепул маслаҳатлар беради, зарур ҳолларда, ходимнинг манфаатларини судларда, давлат бошқаруви органларида бепул ҳимоя қилади;

ходимларга корхонада бехатар ва қулай меҳнат шароитлари яратиб берилиши, иш жойида саломатликка салбий таъсир кўрсатадиган зарарли омиллар бўлмаслиги, жамоа шартномасига мувофиқ ходимлар махсус кийим-бош, пойафзал, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда эса махсус ва парҳез таомлар билан таъминланиши устидан жамоатчилик назоратини олиб боришда бевосита иштирок этиш имкониятига эга бўлиш;

зарур ҳолларда иш берувчи маблағлари ҳисобидан белгиланган муддатларда тиббий кўрикдан ўтказилиши касаба уюшмаси қўмитасининг доимий назоратида бўлади;

ходим ноқулай ва зарарли шароитларда меҳнат қилаётган бўлса, жамоа шартномаси орқали компенсациялар олиш имкониятига эга бўлади;

ходимларни бахтсиз ҳодиса ва касб касалликларига чалинишлардан муҳофаза қилиш мақсадида иш берувчи ўз ҳисобидан ходимларни мажбурий суғурта қилдиради, зарур ҳолларда етказилган зарар учун товон пуллари тўлаб берилиши кафолатланади.

Шу билан бирга, ходим касаба уюшмасига аъзо бўлса, нафақат ўзини, балки оила аъзоларини ҳам бундан манфаат кўришлари учун имкон яратади, жумладан:

ходим касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлардан бирида имтиёзли равишда дам олиши ва ўз саломатлигини тиклашидан ташқари, оила аъзолари (ота-онаси, турмуш ўртоғи ёки фарзандлари)нинг ҳам санаторийларда имтиёзли йўлланмалар асосида саломатликларини тиклашларини ташкил қилиши мумкин;

фарзандларининг болалар соғломлаштириш оромгоҳларидан бирида имтиёзли ёки бепул тарзда дам олдириш имкониятига эга бўлиши мумкин;

касаба уюшмалари тизимидаги ёки уларга фойдаланиш учун берилган маданий-маърифий ва спорт муассасаларида маданий, интеллектуал савиянгизни ошириш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши мумкин;

ҳар йили турли йўналишларда ташкил этиладиган акция, кўрик-танлов, мусобақа, форум, оилавий ва жамоавий спартакиадаларда қатнашиш, театр ва концертларга имтиёзли чипталарни олиш имконияти туғилади.

Ҳулоса ўрнидан шуни айтиш мумкинки, касаба уюшмалари ўз аъзолари ва фаоли ҳаётини янада мазмунли ўтиши учун беминнат хизмат қилади.

Шавкат ХАМРАҚУЛОВ

Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг бош юрисконсульти

Print Friendly, PDF & Email