Халқаро ҳамкорлик, касаба уюшмалари бирдамлиги ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган нуфузли халқаро тадбир Ўзбекистонда бўлиб ўтди.
2026 йил 7–13 ноябрь кунлари Ўзбекистонда Халқаро Евроосиё металл ишчилари федерациясининг (МЕФМ) 62-йиғилиши доирасида халқаро учрашувлар, ишчи музокаралар ва маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Унда 16 мамлакатдан 43 нафар меҳмон ва делегат иштирок этди.
Халқаро делегация вакилларини кутиб олиш, уларнинг ташрифларини ташкил этиш ҳамда маданий дастурларини юқори савияда ўтказиш жараёнларида Ўзбекистон касаба уюшмалари вакиллари фаол иштирок этдилар.
Халқаро ҳамкорликнинг янги босқичи
10 ноябрь куни Тошкент шаҳрида МЕФМнинг 62-йиғилиши ўз ишини бошлади. Унда Федерацияга аъзо ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, ташкилотнинг ҳисобот давридаги фаолияти, Евроосиё мамлакатларидаги ижтимоий-иқтисодий вазият, аъзолик бадаллари ҳолати ҳамда янги аъзо ташкилотларни қабул қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, халқаро касаба уюшмалари ҳаракатини ривожлантириш, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда келгуси фаолиятнинг устувор йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
11 ноябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ўқув марказида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим тадбир бўлиб ўтди. Унда Халқаро Евроосиё металл ишчилари федерацияси ва унинг аъзо ташкилотлари ўртасида 11 та ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур меморандумлар касаба уюшмалари ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, илғор тажрибалар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма ташаббусларни амалга ошириш ҳамда меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ташриф дастури доирасида халқаро делегация вакиллари Ўзбекистон касаба уюшмалари музейи фаолияти билан ҳам танишиб, мамлакатимизда касаба уюшмалари ҳаракатининг шаклланиши, ривожланиш босқичлари ва бугунги фаолияти ҳақида маълумотларга эга бўлдилар.
Ўзбекистоннинг бой тарихи ва бетакрор меҳмондўстлиги
Халқаро тадбирнинг маданий дастури ҳам мазмунан бой ва ёрқин таассуротларга бой бўлди. Делегация вакиллари Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз ва Тошкент шаҳарларида бўлиб, юртимизнинг бой тарихий мероси, миллий қадриятлари ва замонавий тараққиёти билан яқиндан танишдилар.
Самарқанд шаҳрига ташриф давомида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Регистон майдони ва Имом Мотуридий мажмуасини зиёрат қилдилар.
Шунингдек, Хўжа Дониёр мажмуаси, Мирзо Улуғбек расадхонаси ҳамда пойтахтимиздаги «Боқий шаҳар» мажмуаси каби тарихий ва замонавий масканлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ташрифлар давомида миллий карнай-сурнай садолари, ўзбекона урф-одатлар, атлас ва адрас каби миллий матолар намойиши ҳамда самимий кутиб олиш маросимлари хорижий меҳмонларга юртимизнинг бой маданияти ва бетакрор меҳмондўстлигини янада яқиндан ҳис этиш имконини берди.
Халқаро Евроосиё металл ишчилари федерациясининг 62-йиғилиши нафақат касаба уюшмалари ўртасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки мамлакатлар ўртасида дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч муносабатларини ривожлантиришга ҳам муҳим ҳисса қўшди.
Эътироф этиш жоизки, бундай нуфузли халқаро тадбирларнинг Ўзбекистонда ташкил этилиши мамлакатимизнинг халқаро касаба уюшмалари ҳаракатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш, миллий тажрибамизни кенг тарғиб этиш ҳамда янги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: