Ҳар икки оиланинг бирида енгил автомобиль

Ҳар икки оиланинг бирида енгил автомобиль

Юртимиздаги оилаларнинг 11 фоиздан ортиғи иккитадан енгил автомобилга эга.
Ўзбекистон автомобиллари 10 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилинмоқда. 
Жаҳон тарихига назар солсак, эндигина мустақил бўлган давлатларнинг аксарияти учун хос бўлган бир жиҳат кўзга ташланади – улар фақат бугунини ўйлайди, осон йўлларни қидиради.
Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида мустақил бўлган давлатларнинг ҳам кўпчилиги шу йўлдан борди. Катта миқдордаги маблағлар ва хориждан олинган кредитлар импорт товарларга, улар билан ички бозорни тўлдиришга сарф этилди. Аввалига ҳаёт фаровонлашган, мамлакат оёққа тургандек кўринди. Лекин валюта маблағлари камайиб, кредитларни қайтариш вақти келганда ғалвир сувдан кўтарилди. Миллий иқтисодиёт заифлашгани, ишлаб чиқариш орқада қолгани аён бўлди.
Ўзбекистон бу йўлдан бормади – осон йўлларни изламади. Ўзига хос йўлни танлади. Қийин, аммо узоқ истиқболга мўлжалланган вазифаларни ўз олдига қўйди. Ўтиш даврининг мураккабликлари, молиявий тақчилликларга қарамай маблағларнинг асосий қисми иқтисодиётни модернизация қилиш, саноатни ривожлантиришга йўналтирилди. Тараққий топган мамлакатлар, машҳур компаниялар билан ҳамкорлик ўрнатилди. Замонавий корхоналар барпо этишга киришилди.
Бугун халқимизнинг миллий ифтихорига, мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоғига айланган Асака шаҳридаги автомобиль заводига ҳам истиқлолнинг дастлабки йилларида асос солинди. Президентимиз Ислом Каримовнинг 1992 йил июнь ойида Корея Республикасига ташрифи асносида эришилган келишувга мувофиқ 1993 йил мартда «ЎзДЭУавто» Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонаси ташкил этилди ва автомобиль заводи қурилиши бошланди.
Ўша йиллари бундай улкан заводни қуриш учун нафақат иқтисодий ва илмий-техникавий имкониятлар, айни пайтда катта юрак ҳам керак эди. Чунки мамлакатимиз узоқ йиллар давомида фақат пахта етиштиришга ихтисослашган аграр республика бўлиб келган. Бунгача юртимизда оддий велосипед ҳам ишлаб чиқарилмаган. Шу боис ўша пайтларда «бу завод қурилиши охирига етмайди, қурилиб ишга тушсаям, узоққа бормайди» қабилида беписанд гаплар ҳам айтилди, ёзилди. Аммо…
1996 йил 19 июль куни қўшма корхонанинг расмий очилиш маросими бўлди. Унда Президентимиз Ислом Каримов иштирок этди. Шундан буён бу завод барқарор ишламоқда ва изчил ривожланмоқда. Ички ва ташқи бозорда автомобилларимизга талаб йил сайин ортиб бормоқда. Ўша пайтларда турли фисқу фасод гап тарқатганлар энди ушбу машиналарда юрибди. Виждони қийналмасмикан (агар у бор бўлса).
Халқаро автомобиль бозоридаги кескин рақобат, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида бундай натижаларга эришишнинг ўзи бўлмайди. Бу ишлаб чиқаришни муттасил такомиллаштириб бориш, автомобиллар дизайни ва сифатини мунтазам яхшилашни тақозо этади.
Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз автосаноати ана шу талаблар асосида изчил тараққий этди. Автомобилсозлик корхоналари кўпайиб, маҳсулотлар тури кенгайди. Бугун дунёнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган “GM Uzbekistan”, “Sam Auto”, “JV MAN Auto – Uzbekistan”, “General Motors Powertrain Uzbekistan” сингари кўплаб корхоналарда енгил ва юк автомобиллари, автобуслар, махсус машиналар, двигателлар, кенг турдаги бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилмоқда.
Мамлакатимиз автомобиллари нафақат маҳаллий, балки хорижий бозорларда ҳам ўз ўрнини топди. Замонавий дизайни ва техник имкониятлари билан истеъмолчилар ишончини қозонди. Бугунги кунда автомобилларимиз ўндан ортиқ мамлакатга экспорт қилинмоқда. “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси экспорт ҳажмини ва географиясини янада кенгайтириш юзасидан доимий иш олиб бормоқда. Хорижий мамлакатларда Ўзбекистон автомобиль саноатининг 250 дан ортиқ дилери фаолият кўрсатмоқда.
Автомобиль заводининг бунёд этилиши кенг кўламли индустрияни вужудга келтирди. Юртимизнинг турли ҳудудларида ушбу соҳага ихтисослашган ўнлаб замонавий корхоналар пайдо бўлди. Уларда ойна ва ўриндиқлар, салоннинг ички қоплаш қисмлари, лак-бўёқ материаллари, бамперлар, овозсўндиргичлар ва зарбага қарши балкалар, ёнилғи баклари, ташқи ёритиш воситалари, жгутлар, электр ўтказгичлар, аккумуляторлар, ғилдирак дисклари каби енгил автомобилларнинг барча бутловчи қисмлари ишлаб чиқарилмоқда.
Print Friendly, PDF & Email