Мехнат мухофазаси қонуни тарғиботи бўйича семинарлар ўтказилмоқда

Бутун дунё хамжамияти бугунги кунда мавжуд муаммолардан бири, яъни иш жойларида содир бўлаётган оқибати енгил, оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ходисаларни, касб касалликларга чалинишни олдини олиш ва меҳнат муҳофазаси масалаларига эътиборни кучайтиришга қаратмоқда.

Бугунги тезкор давр иқтисодиётнинг барча соҳасини ислоҳ этиш, мулкчиликнинг турли шакллари пайдо бўлиши, саноатни модернизациялаш ҳамда диверсификациялаш, тадбиркорликнинг ривожланиши, янги корхона ва заводларнинг бунёд қилиниши уларда меҳнат қилаётган фуқаролар муҳофазасига бўлган муносабат ва қарашларни ҳам тубдан ўзгартирмоқда.

Бу эса ўз навбатида меҳнат қонунчилигини тубдан такомиллаштириш, аҳолига муносиб меҳнат шароитларини яратишга хизмат қиладиган қатор чора-тадбирларни қўллаш заруриятини туғдиради. 2016 йилнинг 23 сентябрида имзоланган янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунни ана шундай талаб ва эҳтиёжнинг маҳсули сифатида баҳолаш мумкин.

Маълумки, мазкур Қонун 23 — декабрдан кучга кирди. Шу муносабат билан «Узметмашсаноат» ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан жойларда қонуннинг мазмун-моҳиятига бағишланган  семинарлар ташкил этмоқда.

2017 йил 20 январь куни Тошкент вилояти, «GM-Пауэртрейн- Узбекистон» АЖ корхонасида бўлиб ўтган семинарда Ўзбекистон Республикаси  Меҳнат вазирлиги, Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати ходимлари Республика Кенгаши Меҳнат вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Тошкент шахар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси мутахасислари иштирокида ўтказилиб унда Тошкент шахар корхоналарининг раҳбар ходимлари, касаба уюшма қўмиталари раислари ва меҳнатни муҳофаза қилиш вакиллари, меҳнат муҳофазаси мутахассислари, вилоят меҳнат бош бошқармаси ҳамда бир қатор бошқа идоралар вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда бугунги кунда барча соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аҳоли фаровонлигини юксалтириш, меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун зарур шарт-шароитлар яратишда муҳим омил бўлмоқда.

Яқинда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун бу борада навбатдаги муҳим қадам бўлди. Унда ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлигини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза этиш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг шу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштиришга оид масалалар давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида белгилаб қўйилгани диққатга сазовор.

Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсати корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолияти натижаларига нисбатан ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлиги, корхоналарда меҳнатнинг соғлом ва ҳавфсиз шарт-шароитларини яратишга кўмаклашувчи солиқ сиёсатини юритиш, ишлаб чиқаришдаги ҳар бир бахтсиз ҳодисани ва ҳар бир касб касаллигини текшириб чиқиш ва ҳисобга олиш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан жабрланган ёки касб касаллигига чалинган ишловчиларнинг манфаатларини ижтимоий ҳимоялаш принципларига асосланади.

Меҳнатни муҳофаза қилиш тизимида ягона давлат сиёсатини юритиш, ходимларнинг меҳнат қилиш жараёнида соғлиғини сақлаш борасидаги қулай ва ҳавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, бу борада профилактика тадбирларини олиб боришда меҳнатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликнинг аҳамияти жуда каттадир.                     Янги қонунда      фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлашдаги иштироки тўғрисдаги янги бандлар киритилган бўлиб, бу органларнинг мехнат мухофазасини бошқаришдаги иштироки хам самара бериши муқаррардир.

Мазкур қонунга мувофиқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматларининг фаолияти янада кучайтирилади. Бундай хизмат ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда жорий этилади. Бундан кўзланган мақсад — меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширишдан иборат. Элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган ташкилотда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам ташкил этилади ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий қилинади.

 Янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун фаолиятимизни самарали ташкил этишнинг мустаҳкам асосига айланиши, шубҳасиз. Унда ходимлар вакили ҳисобланган касаба уюшмаларининг меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлаш борасидаги ҳуқуқлари кенгайтирилди. Зеро, турли муассаса, корхона, ташкилотларда хизмат қилаётган минглаб ходимларнинг соғлиғини сақлаш, касбий ҳамда умумий касалликларни олдини олишга қаратилган чора-тадбирларини амалга ошириш, ишловчи аҳолининг меҳнатини муҳофаза қилиш ва бу борада жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш асосий вазифалардан бири сифатида эътироф этилган .

Бўлиб ўтган семинарда корхоналарда ишларни хавфсиз ташкил этиш ва ходимлар саломатлигини сақлаш бўйича видеоролик намойиш этилди ва мехнат мухофазаси бўйича савол-жавоблар бўлиб ўтди..

Худди шудай семинарлар раҳбар ходимлар, касаба уюшма қўмиталари раислари ва меҳнатни муҳофаза қилиш вакиллари, меҳнат муҳофазаси мутахассислари, вилоят меҳнат бош бошқармаси ҳамда бир қатор бошқа идоралар вакиллари иштирокида “Узавтосаноат” АК,Самарқанд вилояти “Самавто”МЧЖ ва  Тошкент вилояти  “Ўзбекистон металлургия комбинати”базаларида хам ташкил этиб ўтказилди, ва яна бошқа вилоятларда семинарлар ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Республика Кенгаши мехнат мухофазаси

масалари бўйича мутахасисси                                            М.Сагдуллаев

Print Friendly, PDF & Email