Самарқанд автомобиль заводида ўттиз мингинчи автомобиль — SAZ HC 45 маркали автобус ишлаб чиқарилди

    Самарқанд автомобиль заводида ўттиз мингинчи автомобиль — SAZ HC 45 маркали автобус ишлаб чиқарилди. Шу муносабат билан корхонада ўтказилган тантанали маросимда «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти, Япониянинг ISUZU MOTORS компанияси ва Itochu корпорацияси вакиллари, завод жамоаси ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

      Тадбирда мамлакатимизда автомобилсозликни ривожлантириш, мазкур йўналишда миллий маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар бугун юксак самаралар берилаётгани таъкидланди. Айни пайтда юртимизда ишлаб чиқарилаётган енгил ва юк автомобиллари, автобуслар ички эхтиёжни қондирибгина қолмай, хорижий давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда.

Самарқанд автомобиль заводида 2006 йилдан буён Япониянинг дунёга машҳур ISUZU MOTORS компанияси ва Itochu корпорацияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилаётган автомобилларга бугун нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам талаб ошиб бормоқда.

Самарқанд автомобиль заводи ISO 9001, ISO 14001, OHSAS 18001 стандартларига жавоб берувчи ҳалқаро сертификатларга эга. Заводнинг 30 мингинчи автомобили —  SAZ HC 45 маркали автобуси сиқилган табиий газда ҳаракатланади ва у ўзбек конструктор — инженерлари томонидан яратилган моделдир.

Автомобмлнинг тақдимот маросимида «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти, ISUZU MOTORS компанияси ва Itochu корпорацияси вакиллари маҳсулотнинг юқори технологик кўрсаткичлари ва замонавий дизайнини эътироф этдилар.

Тақдимот маросими доирасида меҳмонлар заводдаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди ҳамда янги автобусларнинг тест-драйв кўригида қатнашди.

 

Print Friendly, PDF & Email