13-15 сентябрь кунлари Хиндистоннинг Деҳли шахрида бўлиб ўтган самбо бўйича Осиё Чемпионатида дунёнинг 13 та мамлакатидан 300 дан ортиқ спортчилар иштирок этишди. Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган самбочиларимиздан 19 нафари медаль соҳибига айланиб, улардан 12 таси олтин медални қўлга киритди ва Ўзбекистонлик спортчилар жамоавий ҳисобда биринчи ўринни эгаллади.
Олтин медални қўлга киритган самбочилар орасида “Узметкомбинат” АЖ электрда пўлат эритиш цехи ишчиси Сирожиддин Анорқулов ҳам бор.
Сирожиддин, 1993 йил Бекобод шаҳрида туғилган. У 2013 йил Бекобод иқтисод ва техника касб-хунар коллежини тугатган.
Ёшлигидан спортга ўзгача мехр қўйган Сирожиддин, болалигидан Бекобод шахар болалар ва ўсмирлар спорт мактабидаги тўгаракларга қатнашиб юрган. Спорт уни нафақат соғлом, балки мустаҳкам ирода ва қатъиятли инсон этиб тарбиялади.
Сирожиддин Анорқулов ўз мехнат фаолиятини 2013 йил “Ўзметкомбинат” АЖ электрда пўлат эритиш цехида бошлади. Комбинатдаги машаққатли мехнатига қарамасдан, у “Ўзметкомбинат” Акциядорлик Жамиятига қарашли “Ёшлик” спорт мажмуасида ташкил этилган самбо тўгарагига қатнашиб борди.
3 йиллик машаққатли машғулотлардан сўнг, Сирожиддин 2016 йил спортнинг жанговар самбо йўналиши бўйича ўтказилган Ўзбекистон Чемпионатида олтин медаль соҳибига айланди. Шу билан бир қаторда у Ўзбекистон миллий терма жамоасига қабул қилиниб, Болгарияда ташкил этилган Жахон Чемпионатида қатнашди.
Чемпион номига сазовор бўлгач, у ушбу спорт йўналиши бўйича билим ва кўникмаларини мунтазам равишда мустаҳкамлаб борди. Бунда Сирожиддинга “Ўзметкомбинат” Акциядорлик Жамияти раҳбарияти ҳамда касаба уюшма қўмитаси катта ёрдам кўрсатиб келди.
2019 йилнинг 22-23 март кунлари Москвадаги муҳташам “Лужники” Олимпия комплексида самбо бўйича халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Анатолий Харлампиев хотирасига бағишлаб ўтказилган жаҳон кубогида 57-кг оғирликда олтин медални қўлга киритиб, ушбу вазн йўналишида тенгсиз деб топилди.
Спортда эришган ютуқларингизда кимнинг хиссаси кўпроқ деган саволга, Сирожиддин Анорқулов “Ушбу эришган ютуқларим замирида кўплаб инсонларнинг машаққатли мехнати ётибди, лекин менинг ҳаётдаги энг асосий мураббийим онамдир, у мени иродали бўлишга ва доимо олға интилишга ундаган” – деб жавоб берди.
Сирожиддинга бундан кейинги меҳнат ва спорт фаолиятида зафарлар тилаб қоламиз.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: