“Ўзбекистон металлургия комбинати”га ташриф.

“Ўбекистон металлургия комбинати” Акциядорлик Жамияти Республикамиздаги етакчи қора металлургия корхонасидир. Мустақиллик йилларида комбинат янада ривожланиб, йилдан йилга ўз салохиятини ошириб бормоқда. Комбинат давлат корхоналари хамда кичик бизнес ва хусусий корхона субъектлари билан кооперацион алоқаларни яқиндан йўлга қўйиб, янги иш ўринларини яратиб келмоқда.

2016 йил 15 январ куни Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшма Республика Кенгаши раиси А.Хақулов хамда Кенгашнинг жамоатчилик асосида раис ўринбосари Ш.Шоумаровлар “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти ишлаб чиқариш фаолияти ва касаба уюшмаси қўмитаси иш фаолияти билан яқиндан таниши мақсадида комбинатга ташриф буюришди. Дастлаб меҳмонлар комбинат бош муҳандиси А.Хасанов қабулида бўлишди. Шундан сўнг улар комбинатнинг асосий ишлаб чиқариш цехи бўлган электр пўлат эритиш цехи, 2-навли прокат цехи, иссиқ ўтга чидамли материаллар ишлаб чиқариш цехи, рангли металлар ишлаб чиқариш цехларида бўлиб, мазкур цехларнинг фаолияти хамда бугунги кунда амалга оширилаётган янгиликлар билан танишдилар.

Комбинат касаба уюшма қўмитаси ихтиёрига соғломлаштириш, дам олишни ташкил қилиш, маданий ва спорт тадбирларини ўтказиш учун катта ижтимоий соха объектлари топширилган.

Куннинг иккинчи  яримида мехмонлар Бекобод шахридаги комбинатга қарашли ижтимоий мажмуалар,  жумладан “Металлург” шифохонасининг фаолияти, у ерда бунёд этилган, амалга оширилаётган янги лойихалар билан танишишди. Сўнг “Металлург”, “Ёшлик” спорт мажмуаларида бўлиб комбинат ишчи-ходимлари айниқса ёшларни спорт билан доимий шуғулланишлари учун яратилган шарт-шароитлар,  янги қурилиб фойдаланишга топширилган сунъий қопламали мини-футбол стадионларига бахо беришди. Мехмонлар шундан кейин янги курилиб фойдаланишга топширилган 320 ўринга мўлжалланган, 3D кино театрига эга “Ёшлар маркази”,  420 ўринга эга “Металлурглар маданият саройи”,  у ердаги тўгаракларни кўздан кечириб, шуғулланувчилар билан сухбат қуришди. Сўнгра  барча қўлайликларга эга, замон талабларига жавоб берадиган янги қуриб битирилиб фойдаланишга топширилган 6-сонли болалар боғчаси фаолияти билан танишдилар.

Бекободга қилинган хизмат сафари ва сафар давомида кўрилган ижтимоий объектлар мехмонларда катта таъсурот қолдирди.

Print Friendly, PDF & Email