“VII-тармоқ Спартакиадаси” ғолиблари аниқланди!

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган “VII-тармоқ Спартакиадаси”нинг III Республика босқичи юқори савияда ўтказилиб, ўз якунига етди.
18–20 сентябрь кунлари Тошкент вилоятида жойлашган “SOKOL” спорт-соғломлаштириш мажмуасида бўлиб ўтган мусобақаларда тармоқ корхоналари ишчи-ходимлари спортнинг шахмат, шашка, стол тенниси, сузиш, дартс, арқон тортиш ва мини-футбол турлари бўйича ўзаро куч синашдилар.
Спартакиада давомида иштирокчилар нафақат спорт маҳорати ва жисмоний тайёргарлигини, балки қатъият, ирода, жамоавийлик ва ғалабага бўлган интилишларини ҳам намоён этдилар.
Шахсий спорт турлари бўйича мусобақаларда:
Шашка бўйича — 16 нафар;
Шахмат бўйича — 17 нафар;
Стол тенниси бўйича — 17 нафар;
Сузиш бўйича — 8 нафар спортчи иштирок этди.
Жамоавий спорт турларида эса 10 та ҳудуддан шаклланган жамоалар плей-офф тизими асосида беллашиб, ғолиблик учун кескин ва муросасиз баҳс олиб бордилар.
Мини-футбол мусобақаси натижаларига кўра:
🥇 1-ўрин — Тошкент вилояти;
🥈 2-ўрин — Андижон вилояти;
🥉 3-ўрин — Хоразм вилояти жамоалари.
Арқон тортиш мусобақаси натижаларига кўра:
🥇 1-ўрин — Жиззах вилояти;
🥈 2-ўрин — Самарқанд вилояти;
🥉 3-ўрин — Хоразм вилояти жамоалари.
Шунингдек, шахсий спорт турларида эркаклар ва аёллар ўртасида 1-, 2- ва 3-ўринларни қўлга киритган иштирокчилар муносиб тақдирландилар.
Мазкур Спартакиада тармоқ корхоналари ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, оммавий спортни ривожлантириш, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда турли ҳудудларда меҳнат қилаётган ходимлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
Энг муҳими, уч кун давомида спорт майдонларида намоён бўлган ўзаро ҳурмат, дўстона рақобат ва жамоавийлик руҳи Спартакиаданинг ҳақиқий ғалабасига айланди.
Барча иштирокчилар, ғолиб ва совриндорларни самимий муборакбод этамиз! Келгуси мусобақаларда ҳам янги спорт ютуқлари ва юксак натижалар тилаймиз!

Куч — бирликда! Ғалаба — ҳаракатда! Спорт — соғлом ҳаёт гарови!

Print Friendly, PDF & Email